Янгиликлар

120
Распечатать
03 Авг 2022

ССВ: Хирургия марказида ҳафтасига 7-8 нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилмоқда

Буйрак трансплантацияси – анчайин мураккаб амалиёт. Шу сабабли ҳам оғир хасталикдан азият чеккан кўплаб юртдошларимиз яқин-яқингача бундай ноёб операция учун илғор хорижий мамлакатларга даво истаб боришга мажбур эди.

Бугун эса вазият буткул бошқача. Сўнгги йилларда юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгаришлар натижасида деярли барча мураккаб жарроҳлик амалиётлари Ўзбекистоннинг ўзида, маҳаллий шифокорларимиз томонидан муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Мисол учун, айни пайтда юртимизда 3000 нафардан ортиқ бемор дастурли диализ муолажасини қабул қилади. Бу эса бемор ҳолатини бироз қийинлаштиради. Жисмоний ҳолатига, соғлиғига жиддий таъсир этади.

Энг ёмони, уларнинг 1178 нафари сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичида бўлиб, трансплантация операциясига муҳтож. Шу кунгача юртимизда биргина Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштрилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида яқин қариндошлар орасида 711 та ана шундай мураккаб амалиёт ўтказилди.

— Трансплантация хизмати замонавий жарроҳлик ва умуман тиббиётни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларидан, — дейди мазкур марказ директори Саидмурод ИСМАИЛОВ. — Қолаверса, соҳанинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири ҳам айнан тана аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиёти ҳисобланади. Бироқ бундан 5-6 йил илгари бу масала жуда қийин эди. Аниқроғи, Ўзбекистонда трансплантация амалиётларининг ҳуқуқий асослари мавжуд бўлмаган.

Бунинг устига мутахассислар борасида ҳам муаммоларимиз етарли эди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори туфайли марказимизда жарроҳликнинг энг мураккаб йўналишларини ишлаб чиқиш имконини берди.

Натижада ўтган 2021 йилнинг ўзида муассасамизмизда 230 та ана шундай амалиёт бажарилди. 2022 йилнинг биринчи 6 ойида эса 143 та операция муваффақиятли ўтказилди.

Буйрак трансплантациясига бўлган юқори эҳтиёж туфайли бугунги кунда марказда бундай мураккаб амалиётлар икки сменада, яъни ҳафтасига 7-8 нафар беморда бажарилмоқда.

Ушбу жарроҳлик амалиётларининг самараси етакчи хорижий клиникаларнинг бу борадаги натижаларидан қолишмаслиги кишини қувонтиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

120
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech