Янгиликлар

71
Распечатать
30 Июн 2022

ССВ: Тошкентдан борган шифокорлар хонадонма-хонадон юриб, беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатмоқда

Ўрни келса, бир чимдим меҳр ҳам инсон умрини узайтиришга қодир. Давлат миқёсидаги эътибор ва ғамхўрлик эса қанчадан-қанча тақдирларни ўзгартириб юбораётганига бугун барчамиз гувоҳмиз. 

Хасталиги кун сайин зўрайиб, сурункали оғриқлардан тинка-мадори қуриган, дардидан тезроқ халос бўлиш учун беминнат ёрдамдан умидвор шундай юртдошларимиз борки, уларни фақат дори-дармон, амбулатор муолажалар ва ширин сўз билангина қайта оёққа турғазиш мушкул.

Яна ҳам аниқроғи, бундай беморлар — катта маблағ, пухта билим ва юксак салоҳият талаб этадиган мураккаб жарроҳлик операциялари, инновацион даволаш усулларига муҳтож. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жойларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари давомида, биринчи навбатда, ана шундай фуқароларимизнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Эзгу ташаббуснинг галдаги манзили — Навоий вилоятида ҳам бунинг гувоҳи бўляпмиз. Хусусан, пойтахтдаги етакчи даволаш муассасалари шифокорлари акция доирасида Навбаҳор туманига келди.

Айтиш жоизки, ҳудуд аҳолиси ўртасида нафас олиш, қон ва қон ҳосил қилиш, овқат ҳазм қилиш аъзолари ҳамда юрак-қон томир хасталиклари энг кўп учрайди. 

Тошкентдан келган мутахассислар 360 қатновга мўлжалланган туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлиб, маҳаллий шифокорлар кўмагида аҳоли вакилларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. 

Беморларнинг бир гуруҳига шу ернинг ўзида юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилган бўлса, аҳволи оғир, мураккаб операцияларга муҳтож бошқа тоифа инсонларни вилоят, республика тиббиёт муассасаларида давлат ҳисобидан бепул даволаш чоралари кўрилди.

Яна бир муҳим масала: тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш — соғлиқни сақлаш тизими олдига қўйилган муҳим талаб. Бу нафақат беморларни тезкор ва манзилли даволаш, балки касалликлар профилактикаси учун ҳам жуда муҳим!

Президентимизнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу долзарб масала ечими ҳам ўз аксини топган.

Унга кўра, тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан йироқда жойлашган манзилларда 2022 йил 1 майдан бошлаб маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилиши белгиланганди.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида Навбаҳор туманида 11 та шундай муассаса фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, Пахтакор маҳалласи аҳолиси ҳудуддан 5 километр олис масофада жойлашган оилавий шифокор пунктига қатнашга мажбур бўлаётганди. 

Энди шу ернинг ўзида замонавий маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилган. Контейнер шаклидаги бу муассасада бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур барча ускуна ва жиҳозлар мавжуд. Керакли дори-дармон ҳамда тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган. Қолаверса, аҳолига кундузги стационар хизматлари ҳам шу ернинг ўзида кўрсатиляпти. 

Акция доирасида ушбу маҳалла пунктига Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти — JICA томонидан яна қатор тиббий воситалар беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди.

Шунингдек, пойтахтдан келган мутахассислар иштирокидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар турли хавфли хасталиклар туфайли тўшакка михланиб қолган юртдошларимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. 

Қирқ икки ёшли Фарҳод Нуров — Навбаҳор тумани, Олтин Замин кўчаси, 44-уйда яшайди. Ўтган йили автоҳалокат оқибатида оёқларидан оғир жароҳат олган. Саккиз ойдирки, юролмайди, ҳатто ўрнидан қўзғалишга ҳам қийналади. 

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари бошчилигидаги шифокорлар ушбу бемор уйига бориб, уни тиббий текширувдан ўтказгач, вилоятнинг ўзида давлат ҳисобидан операция қилинадиган бўлди.

Туманнинг Қоровултепа маҳалласи, Нуронийлар кўчаси, 74-уйда истиқомат қилувчи 64 ёшли Норпўлат Нурмуродов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг етакчи шифокорлари томонидан текширилганида, унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарурлиги маълум бўлди.

Гап шундаки, отахон икки марта инфарктни бошдан кечирган, юрак соҳасида кучли оғриқлар кузатилмоқда. Қон босими тез-тез кўтарилиб туради. Тиббий текширувларда беморнинг учта томирида тромб ҳосил бўлгани тасдиқланган. 

Мутахассислар отахон хонадонида тиббий кўрикни якунлаб, уни зудлик билан тез тиббий ёрдам машинасида вилоят шифохонасига олиб кетишди. Энди Нурпўлат акада давлат ҳисобидан юқори технологик операция амалга оширилади.

Гужбоғтепа маҳалласида яшовчи Дилшода Суюнова эса эндигина 36 ёшни қаршилаган. Аммо у ҳаётни ёрқин рангларда кўришдан бебаҳра. Бир кўзига сунъий гавҳар ўрнатилиши лозим. Иккинчи қорачиғида ҳам кўриш қобилияти аста-секин пасайиб боряпти.

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари унда давлат ҳисобидан пойтахтда мураккаб операция ўтказадиган бўлди. 

Умуман, соғломлаштириш акцияси давомида Навоий вилоятининг бошқа туманларида ҳам шундай чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда "хонадонбай" ўрганишлар давом эттирилмоқда.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

71
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech