Ҳозир замонавий тиббиётда танага тиғ теккизмай, кичик кесмалар орқали бажариладиган кам инвазив жарроҳлик усуллари амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.
Хусусан, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилаётган ана шундай мураккаб ва ноёб операциялар кўплаб оғир беморларнинг саломатлигини тиклашга хизмат қилаяпти.
— Бугунги кунда сийдик тош касаллиги юртимизнинг айрим ҳудудларида кенг тарқалган хасталиклар сирасига киради. Айниқса, нотўғри овқатланадиган аҳоли орасида бундай дардга чалиниш хавфи юқори, — дейди марказ директори Шуҳрат Мухтаров. — Улардан айрим турдагилари дунёнинг ривожланган давлатлари аҳолиси ўртасида ҳам кўп учрайди.
Масалан, сийдик-тош касаллиги билан боғлиқ ҳолатлар Ҳиндистонда 9, Хитойда 10, Японияда 4, Россия ҳамда Жанубий Кореяда 3 фоизни ташкил этади.
Марказимизга мурожаат қилаётган беморларнинг ҳам аксарияти — ана шу хасталикдан азият чекаётганлар. Уларни самарали даволаб, соғлом ҳаётга қайтариш — асосий вазифаларимиздан бири.
Муассасамизда 170 турга яқин амалиётлар бажарилаётган бўлса, уларнинг 80 дан ортиғи юқори технологияга асосланган. Ана шундай операциялардан бири мини-перкутан жарроҳлик усулидир.
Бунда кичик ўлчамдаги эндоскопик асбоб ёрдамида буйраклар тошдан халос этилади. Ушбу операция танадаги кесмалар ўлчами атиги 4-5 миллиметрни ташкил этиши билан фарқланади.
Қолаверса, бундай амалиётдан сўнг буйракда анаънавий дренаж трубка қолдирилмай, беморга 2-3 кундаёқ уйига жавоб берилади. Асоратлар деярли бўлмайди. Танада кесма чандиқлари қолмайди. Бундан ташқари, ортиқча сарф-харажатларнинг ҳам олди олинади.
Шунинг учун сийдик-тош касаллигида бажариладиган кам инвазив операциялар улушини 60 фоиздан ошириш учун марказимизда мини-перкутан жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди. 2022 йил давомида 80 дан зиёд беморлар ана шу усулда даволанди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.