Янгиликлар

57
Распечатать
24 Июн 2022

ССВ: Ўзбек шифокорлари малака ошириш учун Туркияга жўнаб кетди

Ўзбекистон ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумга кўра, дастлабки 25 нафар ўзбек шифокори Туркияга малака ошириш учун юборилди.

Юртимизнинг 6 та вилоятидан саралаб олинган ушбу тиббиёт ходимлари Анқара шаҳридаги нуфузли клиникаларда бир ой давомида тажриба оширади.

Ушбу ўқув курслари йил давомида 3 маротаба ўтказилиши режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилаётган мазкур малака ошириш курсларига жалб этилган мутахассисларнинг 5 нафари тиббиётда бошқарув менежменти бўйича Туркия тажрибасини ўрганади. 10 нафар шифокор ва 10 нафар ҳамшира эса даволаш жараёнлари билан танишиб, миллий тиббиётимизга татбиқ қилиниши мумкин бўлган илғор усулларни ўзлаштириши кўзда тутилган.

— Ушбу мутахассислар юртимиз ҳудудларидаги оғир шароитли ва оқсаётган тиббиёт муассасаларидан бошқарув ходими, шифокор ва ҳамширалардан иборат бригада шаклида танлаб олинди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Умидулла Рисқиев. — Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари, бирлашмада фаолият олиб бораётган шифокор ва ҳамшира битта бригада сифатида шакллантирилган бўлса, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан катталар ва болалар кўп тармоқли тиббиёт муассасаларидаги мутахассислар шу тартибда саралаб олинди.

Таъкидлаш лозимки, малака ошириш курсларига жўнаб кетган мутахассисларнинг аксарияти ўз ҳудудларида зарур хирургик йўналишларда иш олиб борувчи тиббиёт ходимлари ҳисобланади.

Улар орасида юз жарроҳлари, нейрохирург, уролог, акушер-гинеколог каби қатор мутахассислар бор. Шифокорларнинг турк ёки инглиз тилида сўзлаша олиши, креатив фикрлаши, ёш ва билимга чанқоқлик каби сифатлари танлов жараёнида инобатга олинди.

Ушбу курслардан кўзланган асосий мақсад Туркиянинг ривожланган клиникаларида ўз йўналиши бўйича малака оширган мутахассислар олган янги билимларини ўз ҳудудига татбиқ қилиш, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида янги ва замонавий даво усулларининг кириб боришига замин яратишдан иборатдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

57
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech