Янгиликлар

105
Распечатать
19 Май 2022

ССВ: Ўзбекистоннинг кардиология соҳасидаги ютуқлари Парижда эътироф этилди

Шу кунларда дунёнинг 120 давлатидан борган 5 мингдан зиёд энг малакали кардиологлар Францияда. Пандемия давридаги икки йиллик танаффусдан сўнг улар Париж шаҳрида яна тўпланишди. 

Бугун французлар юртида бўлиб ўтаётган “EuroPCR 2022” жаҳон кардиологлари анънавий конгрессининг учинчи куни. Унда Ўзбекистондан борган етакчи мутахассислар делегацияси ҳам иштирок этмоқда. 

Конгрессда муҳокама этилаётган мавзулар хилма-хил. Аммо барчаси юрак-қон томир тизими касалликларига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги имкониятларини қидириш, тиббий ва клиник амалиётга илғор ютуқлар ва инновацион методларни жорий қилиш масалаларига бағишланган. 

Яна ҳам аниқроғи, жаҳон кардиологлари ўткир миокард инфаркти, коронар артерия, орттирилган юрак нуқсонлари ва шу сингари бошқа хавфли касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларни даволаш бўйича фикр ва тажриба алмашмоқда. 

Маърузалар соҳада олиб борилган сўнгги илмий тадқиқотлар натижаларига асосланган. Бу эса иштирокчилар учун илм-фан ютуқларидан янада кенгроқ баҳраманд бўлиш ва уларни оммалаштириш учун ажойиб имконият. 

 “EuroPCR 2022” бу гал 300дан ортиқ илмий-амалий сессияларни ўз ичига олган. Шунингдек, конгресс доирасида жаҳондаги етакчи клиникаларнинг ангиокардиографик лабораторияларида бажарилаётган ноёб операциялардан жонли трансляциялар намойиш этилмоқда.

Тадбирда мамлакатимиздан қатнашаётган мутахассислар сони — 11 нафар. Барчаси юртимизда ном қозонган кучли кардиологлар. Улар ўз чиқишларида тиббиётнинг мазкур йўналишида кейинги йилларда Ўзбекистонда эришилган илғор ютуқ ва тажрибаларни дунёдаги ҳамкасблари билан ўртоқлашмоқда

Маъумки, юрак-қон томир соҳасидаги анъанавий жарроҳлик амалиётлари очиқ операцияларни ўз ичига олади, — дейди конгресс иштирокчиси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дониёр Алимов. Бугунги илм-фан ютуқлари эса беморларни эндоваскуляр, кам инвазив усуллар ёрдамида, катетер орқали, наркозсиз, оғриқсиз даволаш имконини бераётгани сир эмас

Мамлакатимизда ҳам бугун 50 га яқин замонавий ангиографик ускуналар мавжуд. Бу эса нафақат пойтахтимиз, балки ҳудудларда ҳам шундай мураккаб юқори технологик муолажаларни амалга оширишга замин яратмоқда. Натижада беморлар оғир асоратларсиз қисқа муддатда соғайиб оиласи бағрига қайтмоқда. Қолаверса, ногиронликнинг олди олиняпти.

Энг муҳими, бундай имкониятлар туфайли юртдошларимизнинг кардиология, кардиохирургия соҳасида аввалгидек илғор хорижий давлатларга бориб даволанишига мутлақо эҳтиёж қолмади. Конгрессда Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги муваффақиятлари жаҳон кардиологлари томонидан эътироф этилди

“EuroPCR 2022” ўз ишини давом эттирмоқда

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Матбуот хизмати.

 

105
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech