Янгиликлар

33
Распечатать
23 Июн 2022

Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидалари: нималарни билишимиз шарт?

Ёзнинг жазирама кунлари бошланди. Олдимизда эса — саратон чилласи. Бундай паллаларда кўпчилик соя-салқиндан паноҳ изласа, баъзилар чўмилиш ҳавзаларида вақт ўтказишни хуш кўради. Айниқса, ёзги таътилга чиққан болажонлар учун бу — энг мароқли машғулот.

Аммо чўмилиш қоидаларига амал қилмаганлар учун сув ҳавзалари роҳат эмас, офат манбаига айланиши ҳам мумкин.

Олий тоифали шифокор Раъно Носирова билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.

— Чўмилиш инсонни чиниқтиради, — дейди мутахассис. — Чунки сув қон айланиш тизимини яхшилайди, оксидланиш жараёнини фаоллаштиради, асаб ва мушаклар тонусини оширади.

Тана ва оёқ мускуллари мустаҳкамлиги эса елка камарининг бир меъёрда ривожланишига ҳамда нафас олиш тизими яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Қолаверса, сузиш машқлари иммунитетни оширади. Аммо бунинг учун хавфсизлик, саломатлик ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш шарт.

Аввало, рухсат этилмаган сув ҳавзаларида чўмилиш ҳаёт учун хавфли. Махсус ёзувли белгилар ўрнатилган, туби номаълум ёки тезоқар ҳавзаларда сузиш, уларга сакраш ҳам жуда хатарли.

Аввало, қуёшли ҳавода, шамол турмаган пайтда ва атмосфера ҳарорати +20-25, сув илиқлиги эса +17-19 даражадан кам бўлмаган шароитда чўмилиш тавсия этилади.

Мабодо сузишни билмай, чўкаётган бўлсангиз, юзингизни тепага қаратиб сувда ётинг. Қулочингизни ёйиб, иложи борича чуқур ва секин нафас олинг. Тик турган ҳолатда оёқларингиз билан велосипед педалини айлантиргандай ҳаракат қилинг. Агар толиқсангиз, сув юзасига чалқанча ётиб олинг.

Ўз навбатида, чўкаётган одамга биринчи ёрдам кўрсатиш ҳам — инсонийлик бурчимиз. Бундай вазиятда уни тинчлантириб, елкангиздан маҳкам ушлашга унданг. Агар чўкаётган одам ўз ҳаракатларини назорат қила олмаётган бўлса, танасидан кўтариб қирғоққа чиқаринг.

Бехуш бўлса, қирғоққа олиб чиқишда унинг боши сув юзасида бўлишига алоҳида аҳамият бериш керак. Шундан сўнг жабрланувчининг, аввало, ўпкасини сув ёки лойқадан тозалаш лозим.

Бунинг учун унинг тиззаларини букиб, ётқизинг ва қусишга мажбур қилинг. Сўнг жабрланувчини елка билан ётқизинг ва оғиз ҳамда бурнини тозаланг. Зарур бўлганда, реанимация тадбирларига киришинг, жабрланувчини иссиқроқ ўраб тезда шифохонага юборинг.

Бундан ташқари, чўмилиш ҳавзалардаги ифлосланган сув ўткир ичак инфекцияси, гепатит, ичбуруғ, ичтерлама каби хавфли касалликларни келтириб чиқаришини ҳам унутмаслик даркор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

33
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech