Янгиликлар

119
Распечатать
16 Сен 2021

ТОШКЕНТДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ТУБЕРКУЛЁЗГА ҚАРШИ КУРАШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН БЕШИНЧИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Бугун пойтахтимизда Марказий Осиёда туберкулёзни интеграциялашган тарзда назорат қилиш бўйича бешинчи халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Уч кун давом этадиган мазкур тадбир юртимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ҳамда АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, KfW тараққиёт банки, Силни тўхтатиш (Stop TB Partnership) ҳаракати кўмагида ташкил этилган.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс ҳамда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, анжуманда Ўзбекистон, АҚШ, Германия, Австралия, Швейцария, Латвия, Украина, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби қатор давлатлардан 300 нафардан ортиқ соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари онлайн ва офлайн тарзда қатнашмоқда. Тадбир ҳукуматнинг COVID-19 пандемияси даврида туберкулёзга қарши кураш дастурларини амалга ошириш ва барқарор молиялаштириш имкониятларини шакллантиришга, шунингдек, туберкулёзга қарши кураш билан бир қаторда пандемия муаммоларини ҳал қилишга қаратилган.

Анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм таъкидлаганидек: «Бу конференция Марказий Осиё мамлакатларининг хатарли, аммо даволаш имкони юқори бўлган туберкулёз касаллигининг тарқалишига қарши курашишдаги муҳим ҳамкорлиги ва интилишини намойиш этади.

АҚШ ҳукумати Марказий Осиё давлатлари билан туберкулёзга қарши курашда деярли ўттиз йиллик ҳамкорликни юксак қадрлайди. Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз аҳолининг сифатли тиббий ёрдам хизматларидан фойдаланиш имкониятини сезиларли даражада яхшилади ва ўн йил аввал кузатилган кўрсаткичларга нисбатан туберкулёз билан касалланганлар сони ва ўлим даражасининг сезиларли камайишига олиб келди».

Анжуманда таъкидланганидек, силни тугатиш стратегиясининг мақсади — 2025 йилга келиб, туберкулёз касаллигини 50 фоизга, ундан ўлим ҳолатларини эса 75 фоизга камайтириш (2015 йилга нисбатан). Ўзбекистон Миллий туберкулёзга қарши дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг туберкулёзни ташхислаш ва даволаш бўйича юқори даражали йиғилишининг мақсадларига эришишга қаратилган бўлиб, дори-дармонларга чидамли туберкулёз, болалардаги туберкулёз ва бу касалликдан даволанаётган беморларга алоҳида эътибор қаратилади.

— Юртимизда давлат ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни мувофиқлаштириш натижасида ЖССТ тавсиялари асосида силга қарши кураш соҳасида ўндан ортиқ меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, — деди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Наргиза ПАРПИЕВА. — Туберкулёзнинг барча шакллари, жумладан, дори-дармонларга чидамли турларини даволаш билан қамраб олиш даражаси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 100 фоизга етди. Бу эса сил касаллигидан 90 фоиз даволаниш даражасига эришиш имконини берди. Ҳозирги вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактика муассасалари фаолиятида туберкулёзнинг тарқалишини эрта аниқлаш ва олдини олиш ҳамда ташхис қўйиш ва даволашнинг универсал имкониятларини яратишга қаратилган профилактик йўналишнинг устуворлигига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари туберкулёз касаллигининг тарқалишини чеклашда сезиларли ютуқларга эришганларига қарамай, унинг дори-дармонларга чидамли шакллари минтақада юқори даражада бўлиб қолмоқда. Айниқса, COVID-19 пандемияси вазиятни янада мураккаблаштириб, беморларнинг тиббий кўрикдан ўтиш имкониятларини пасайтирди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда USAIDнинг қўллаб-қувватлаши билан туберкулёз касаллигига қарши Миллий дастур асосидаги саъй-ҳаракатлар туфайли кўплаб турдаги дориларга чидамли туберкулёз касаллигини аниқлаш вақтини 90 кундан бир неча соатгача қисқартиришга эришилди. Бундан ташқари, пандемиянинг туберкулёз касаллиги ташхисига салбий таъсирини камайтириш мақсадида туберкулёз ва COVID-19ни бир вақтнинг ўзида текширишнинг янги тартиби ишлаб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёда туберкулёзга қарши кураш масалаларига бағишланган аввалги тўртта халқаро конференция USAIDнинг қўллаб-қувватлаши асосида Қозоғистоннинг Нур-Султон (2019 йилда), Тожикистоннинг Душанбе (2018 йилда), Қирғизистоннинг Бишкек (2017 йилда) ва Қозоғистоннинг Олмаота (2016 йилда) шаҳарларида бўлиб ўтган эди.

Тошкентда бўлиб ўтаётган Марказий Осиёда туберкулёзга қарши кураш масалаларига бағишланган бешинчи халқаро конференция 20 сентябрга қадар давом этади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

119
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech