Янгиликлар

98
Распечатать
14 Окт 2021

ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛК БОР 90 ЁШЛИ БЕМОРДА МУРАККАБ КАРДИОХИРУРГИК АМАЛИЁТ МУВАФФАҚИЯТЛИ ЎТКАЗИЛДИ (1-қисм)

Мамлакатимиз кардиохирургияси тарихи яна бир мураккаб жарроҳлик амалиёти билан бойиди. Ушбу ноёб операция тиббий кўрсатмага мувофиқ, шошилинч равишда пойтахтимиздаги замонавий клиникалардан бирида муваффақиятли ўтказилди.

Одатда, шифокорлар кекса ёшли инсонлар танасига тиғ теккизишнинг ўзи жуда нозик жараён эканлигини айтишади. Юрак соҳасидаги жарроҳлик амалиётлари эса ўта мураккаб ва анчайин хавфли. Шу боис, ҳатто мазкур соҳада пешқадам бўлган Япония ва Германия давлатларида ҳам бундай операциялар камдан-кам ўтказилади.

Хўш, ўзбекистонлик шифокорлар бундай муваффақиятга қандай эришди?

Ҳамма гап Россиянинг А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон-томир жарроҳлиги марказида ишлаб келган ва 2017 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифи асосида юртимизга қайтган малакали кардиохирург, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбековнинг маҳоратида.

Бемор отахонимизга келсак, исми — Ёқуб Маҳмудов. 1932 йилда туғилган. Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан. Кўп йиллардан бери гипертония ва юрак ишемик касалликларидан азият чекади. Қон босими 190 гача кўтарилиб кетиши кузатилган. Инфарктни бошдан ўтказган.

Бунинг устига, шу йилнинг март ойида коронавирусга чалиниб, муолажа олган. Аммо кўп ўтмай юрак соҳасида оғриқлар янада зўрайиб, аҳволи ёмонлашгач, Рустам Ёрбеков ва унинг жамоасига мурожаат қилган.

— Биз, кардиохирурглар бу ёшдаги беморда жарроҳлик амалиёти ўтказишни қумдан иморат тиклашга ўхшатамиз, — дейди профессор. — Негаки, юрак операцияси чоғида фавқулодда буйрак, жигар, мия ва бошқа аъзолар хуруж қилиб қолиши мумкин. Шу сабабли Ўзбекистонда яқин йилларгача бундай ҳолатдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Энди эса нафақат пойтахт, балки қатор вилоятлар марказларида ҳам шундай мураккаб операцияларни ўтказяпмиз.

Чинозлик отахон ҳам бу клиникага шошилинч олиб келинди. Дастлаб унда коронарография амалиёти ўтказилди. Сўнг беморнинг юрак-қон томирларида кучли зарарланиш ҳам аниқлангач, куни кеча аорта-коронар шунтлаш операцияси бажарилди. Ҳозир Ёқуб бобонинг аҳволи яхши. Текширув ва таҳлил натижалари, қон босими меъёрида, пульс стабиль ҳолатда.

Рустам Ёрбековдан бу операциянинг мураккаблиги нимада эканлигини сўраймиз. Шифокор эса, жайдари қилиб, аввало, беморнинг кекса ёшдалиги, қолаверса, инфаркт ўтказгани ҳамда юрак ишемик касаллиги туфайли томирларида зарарланиш кучайгани, боз устига, юрак катталашиб, қисқаришлар миқдори пасайиб кетганлигини тушунтиради.

— Сўнгги пайтларда кунига икки марталаб “Тез ёрдам” чақиришимизга ҳам тўғри келганди, — дейди Ёқуб ота Маҳмудов. — Юрагимни кучли санчиқ безовта қила бошлагач, ўғлим шу ерга олиб келди. Мана, кўриб турганингиздек тетикман, кайфиятим ҳам аъло. Операциянинг эртаси куниёқ ҳолатим яхшиланди. Рустамжон Ёрбеков ва унинг жасоратли жамоасидан жуда-жуда миннатдорман.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

98
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech