Янгиликлар

123
Распечатать
17 Мар 2021

ЎЗБЕКИСТОНГА "COVID-19"ГА ҚАРШИ 660 МИНГ ДОЗА ВАКЦИНА ОЛИБ КЕЛИНДИ

Ҳозиргина мамлакатимизга 660 минг доза “COVID-19”га қарши AstraZeneca вакцинаси олиб келинди.

Ушбу вакциналарни етказиб бериш Эпидемияларга тайёргарликни таъминлаш мақсадида инновациялар учун коалиция (CEPI), Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)дан иборат бўлган COVAX глобал ҳамкорлиги доирасида амалга оширилмоқда.

— Ўзбекистон GAVI ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киради, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов. — Шу боис, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил январь ойида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан GAVI ташкилотига буюртма берилган эди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида йилнинг охирига қадар мамлакатимизга умумий микдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражада вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутилари етказиб берилиши кўзда тутилган. COVAX фонди ҳисобидан Ўзбекистонга 2 миллион дозадан ортиқ AstraZeneca вакцинасини етказиш, шундан 2021 йил I чоракда 35-40 фоизини, қолган қисмини II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.

Бугун олиб келинган 660 минг доза вакциналар COVAX Ўзбекистон учун ажратган 2 миллион доза вакциналарнинг биринчи қисмидир. Вакциналарнинг қолган қисми яқин ойларда етказиб берилади.

Ушбу вакциналар билан республикамизда аҳолини короновирусга қарши эмлаш ишлари бошланади ва босқичма-босқич давом эттирилади.

Йил бошида мамлакатимизда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди. Соғликни сақлаш вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ ва ЖССТ билан ҳамкорликда Республикада коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди.

Унга кўра, аҳолининг юқори хавфга эга қатламлари белгиланиб, уларни эмлаш учун 3 минг 138 та эмлаш пунктлари, ҳамда 862 та мобил бригадалари шай ҳолга келтирилди.

Албатта, ушбу тадбирлар коронавирус инфекциясига қарши курашни самарасини ошириш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал "CОVID-19"га қарши эмлашни амалга оширишга тайёргарлик учун ЮНИСЕФ пойтахтимиздаги “Миллий” стадионида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та Miniven-Labo автомобилларини топширган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

123
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech