Янгиликлар

340
Распечатать
23 Дек 2020

Ўзбекистоннинг кўмаги билан Қирғизистонда 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қуриб битказилди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари A. Иноятов бошчилигидаги делегация Қирғизистон Республикасида бўлиб қайтди.

Ўзбекистон делегацияси Боткен вилояти Қадамжай тумани Марказий туман касалхонасида бўлди. У ерда Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Aлимкадир Бейшеналиев ва Қирғизистон ҳукуматининг бошқа вакиллари иштирокида шифохонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Икки томонлама мулоқотлар давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари, шу жумладан, "COVID-19"га қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар юқумли касалликларни даволаш, ташхислаш ва олдини олиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

A. Бейшеналиев юқумли касалликлар шифохонасининг қурилиши, унинг жиҳозланишида кўрсатилган амалий кўмак ва тақдим этилаётган гуманитар ёрдам учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, пандемия даврида молиявий имкониятлар ҳамда даволаш муассасаларида шифо-ўринлари етишмаётган шундай мураккаб шароитда ўзбекистонликларнинг ушбу кўмаги юқори баҳоланишини айтиб ўтди.

Замонавий шифохона қурилиши ва жиҳозланиши тўлиқ Ўзбекистон томонидан молиялаштирилди ва қисқа муддатларда фойдаланишга топширилди. Муассаса зарур тиббий жиҳозлар ва мебеллар билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, беморлар учун барча шароитлар яратилган.

200 ўринли юқумли касалликлар шифохонасининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ва ўзбек халқига миннатдорлик билдириб, ушбу ташаббус қирғиз-ўзбек халқлари орасидаги азалий дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашини таъкидлашди.

Шунингдек, Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири "COVID-19"га қарши курашиш доирасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишларни ҳам алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон делегацияси номидан сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари A. Иноятов Ўзбекистон томони тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини, шунингдек, бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус инфекциясига қарши қардош Қирғизистон халқи билан биргаликда курашишга тайёрлигини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

340
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech