695
Распечатать
24 Ноя 2021

БЕПУШТЛИК ҲАҚИДА ХУЛОСА ЧИҚАРИШГА ШОШИЛМАНГ!

ССВ Матбуот хизмати Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Шахноза Зуфарова билан суҳбат

 

— Афсуски, бугунги кунда бепуштлик дардидан азият чекаётган жуфтликларимиз ҳам бор. Тажрибали мутахассис сифатида бунинг сабаблари ҳақида нималар дея оласиз?

 

— Албатта, бепуштликдан азият чекаётган жуфтликларнинг борлиги ачинарли ҳолат. Бу муаммонинг илдизини нафақат қиз болалардан, балки ўғил болалардан ҳам қидиришимиз мумкин. Чунки ёшликда ўтказган касалликлар ва уларнинг асоратлари, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаслик кейинчалик бепуштликка сабаб бўлиши мумкин.

 

Масалан, ўғил болаларда ўтказилган эпид паротит (халқ тилида тепки) касаллиги бўлса, қиз болаларда эндокрин ва соматик ҳамда турли яллиғланиш касалликлари ҳам бепуштликка сабаб бўлиши мумкин.

 

Инсон организмидаги ҳар бир гормоннинг ўз вазифаси бор. Булардан фарқли равишда, аёлларда учрайдиган гормон (эстроген) ўз навбатида фарзанд кўриш қобилиятини юзага келтиради ва аёл жинсига монанд қомат, хулқ-атвор ва нафосатни белгилайди.

 

Қиз бола организмида эстроген гормонининг камайиб кетиши оқибатида тухумдон фаолияти сусаяди. Бу эса фолликуланинг ўз вақтида етилмаслиги натижасида ҳайз циклининг бузилиши, кўкрак бези ва бачадоннинг қисқаришига олиб келади. Ўз вақтида даволанмаслик келажакда бепуштликка сабаб бўлиши мумкин.

 

Эстроген гормонининг камайиб кетиши қалқонсимон без хасталиги билан ҳам боғлиқ муаммолардан биридир. Чунки ушбу аъзо орқали бутун тана бошқарилади ва у гормонлар фаолиятига ҳам масъул.

 

Бу гормоннинг камайиб кетиши нафақат аёлларда, балки балоғат ёшидаги қиз болалар организмида ҳам рўй бериши кузатилади.

 

Ўсмир ёшдаги қиз бола организмида гормонал бузилишлар рўй бериши ҳайз кўриш давридан бошланади. Ҳайз цикли ҳар бир қиз бола организмида турлича кечади.

 

Баъзиларда бу 11-12 ёшдан бошланса, баъзи қизларда эса 15 ёшга етганида ҳам ҳайз кўриш кечикиши мумкин. Ҳайз циклининг 25-28 кундан ошиб кетиши, ҳайз кунларининг узайиши ва оғриқли кечиши, қовуқ остида оғриқ бўлиши организмда гормонал бузилишлар рўй бераётганидан дарак беради.

 

Қиз болаларда учрайдиган эндокрин, соматик хасталиклар, жинсий аъзоларда турли яллиғланишлар келгусида жиддий касалликлар, жумладан бепуштликни ҳам юзага келтириши мумкин.

 

Аммо бир нарсани таъкидлашни истардимки, кўпчилик бепуштлик тўғрисидаги хулосани жуда эрта чиқаришади. Масалан, атиги 5-6 ой яшаган жуфтликлар ҳам фарзанд кўролмаяпмиз деб келишади.

 

Аслида бир йил давомида ҳеч қандай контрацептив воситаларини қўлламасдан яшагандан сўнг ҳомиладорлик рўй бермасагина, даво чораларини кўришни бошлаш мумкин.

 

— Шундай жуфтликларга қандай тавсиялар берасиз? Улар дастлаб қандай текширувлардан ўтиши лозим?

 

— Касалликни ўз вақтида даволаш беморнинг тезда тузалишига туртки бўлади.

 

Шундай экан:

шифокор-гинеколог ҳузурига ўз вақтида бориш;   

қалқонсимон без хасталиклари (шунингдек, бўқоқ) касалликларини ўз вақтида даволаш;

жинсий касалликларни ўз вақтида даволаш лозим;

беморнинг даволаниши билан биргаликда тўлақонлик овқатланиши, сут маҳсулотлари, тухум, помидор, қовоқ ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиши зарур. Ушбу маҳсулотлар таркибида фолий кислотаси, жумладан, витамин C каби кўп миқдорда бўлиб, гормонал ўзгаришларни бир маромда сақлашда ёрдам беради.

 

Жумладан, мош, ловия, нўхат, соя, гуруч, ўрик, кунжут, брокколи карами ва кўкатлар гормонал балансни мўътадиллаштиради.

 

Дастлабки текширувлар:

профилактик тиббий кўрик;

гинеколог кўриги;

эндокринолог кўриги;

терапевт кўриги;

ультратовуш текширувини ташкил қилади.

695
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech